Валимуҳаммадхон



Валимуҳаммад ибн Жонибек султон

(?- 1611 йил, 27 август)

Аштархонийлардан бўлган Бухоро хони (1605-1611). Акаси Боқимуҳаммадхон даврида Балх ноиби (1599-1605). Боқимуҳаммад вафотидан сўнг Бухоро тахтига ўтқазилган. Валимуҳаммадхондан сўнг Балх ҳокими бўлган Надрмуҳаммадхон бошлиқ маҳаллий амалдорлар Имонқулихонни Бухоро тахтига ўтқазиш учун Валимуҳаммадхонга қарши фитна уюштирганлар. 1611 йилнинг баҳорида Валимуҳаммадхон Имонқули ва Надрмуҳаммадхонлар билан бўлган курашда енгилгач Имомқулихон Бухоро хони деб эълон қилинган. Валимуҳаммад эса икки ўғлини олиб Эрон шоҳи Аббос ҳузурига қочиб борган. Амирлар Боқимуҳаммадхоннинг ўғли Имомқулихонни тахтга ўтқазганлар. Валимуҳаммад Аббос ёрдамида Мовароуннаҳрни қайтариб олишга ҳаракат қилган. Тарихчи Муҳаммад Юсуф мунши ,,Тарихи Муқимхоний” асарида ёзишича, шоҳ Аббос Имомқулихонга қарши курашиш учун Валимуҳаммадхонга 80 минг кишилик қизилбошлилар қўшинини берган. Бироқ Самарқанд атрофидаги Боғи Шамолда бўлган жанг (1611 йил август)да Имомқулихон ғалаба қозонган, Валимуҳаммад асир олиниб қатл этилган.

РукнларЎзбекистон ҳукмдорлари



Uzpedia.uz